Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон иқтисодиётининг янги босқичга кўтарилаётганини маълум қилди.
Давлат раҳбарига кўра, сўнгги йилларда мамлакатга 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинган. Шундан 123 миллиард доллари охирги беш йил ҳиссасига тўғри келади.
Мирзиёев жорий йилги форумда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 4 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этаётганини таъкидлаб, бу Янги Ўзбекистонга бўлган ишонч ортиб бораётганининг ёрқин ифодаси эканини қайд этди.
Президентнинг билдиришича, ўтган йили мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсган ва иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Халқаро захиралар ҳажми эса 70 миллиард доллардан ошган.
Давлат раҳбари тўрт йил аввал мамлакат ялпи ички маҳсулотини 2026 йилга қадар 100 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилганини эслатиб, бугунги кунда иқтисодиёт ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилаётганини айтди.
Форумда инвесторлар учун янги имкониятлар ҳам эълон қилинди. Хусусан, Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади. Марказ иштирокчилари учун фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ҳамда божхона божлари ноль ставкада белгиланади. Ушбу имтиёзлар дастлабки босқичда 50 йил давомида амал қилади.
Шунингдек, марказ ҳудудида Англия ҳуқуқига асосланган махсус ҳуқуқий режим жорий этилиб, мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади.
Президент капитал бозорини ривожлантириш мақсадида янги қонунлар қабул қилиниши, миллий компанияларни IPOга чиқариш давом эттирилиши ва ислом молияси воситаси ҳисобланган сукук дастури ишга туширилишини ҳам маълум қилди.
Мирзиёев Ўзбекистон ер ости бойликларининг умумий қиймати тахминан 3 триллион долларга баҳоланишини қайд этиб, тоғ-кон, кимё, машинасозлик, робототехника, қурилиш материаллари, электротехника ва фармацевтика соҳаларида ўнлаб миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари таклиф қилинаётганини билдирди.
Давлат раҳбари “яшил” энергетика соҳасида ҳам катта режалар борлигини айтди. Яқин йилларда умумий электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистонда сунъий интеллект ва дата-марказлар учун махсус зона ташкил этилгани маълум қилинди. Унда инвесторлар 2040 йилга қадар барча турдаги солиқ ва божлардан озод қилинади.
Президент ўз нутқида транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши, Трансафғон коридори ва Каспий денгизи орқали ўтувчи Ўрта коридор лойиҳалари минтақанинг транспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мирзиёев хорижий сармоядорларга мурожаат қилиб, Ўзбекистон тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр инвесторлар учун ҳамиша очиқ эканини билдирди.
“Янги Ўзбекистоннинг эшиклари хорижий инвесторлар учун доимо очиқ. Президент сифатида шахсан ўзим ва Ҳукуматимиз сизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, деди давлат раҳбари.






