Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши урушини сабаб қилиб жорий этилган санкциялар муддатини илк бор бир йилга узайтирди. Бу қарор Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитида қабул қилинди.
Шу вақтга қадар Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияга қарши чекловларни ҳар олти ойда узайтириб келар эди. Бу сафар санкциялар муддатини бир йилгача узайтиришга Венгрия томонидан вето қўйилмагани имкон яратди.
Аввалроқ Венгриянинг собиқ Бош вазири Виктор Орбан мазкур ташаббусни мунтазам равишда тўсиб келган эди. Бироқ май ойида лавозимга киришган мамлакатнинг янги Бош вазири Петер Мадьяр санкциялар муддатини бир йилга узайтиришни қўллаб-қувватлади.
Саммитда қабул қилинган Россия–Украина уруши бўйича декларацияни Европа Иттифоқининг барча 27 аъзо давлати маъқуллади. Бу эса 2024 йил декабридан буён биринчи марта кузатилмоқда. Илгариги ҳолатларда мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишига ҳам Виктор Орбан қарши чиққан эди.
Декларацияда Европа Иттифоқи Россияга нисбатан босимни янада кучайтириш ва мамлакат ҳарбий иқтисодиётини заифлаштириш сиёсатини давом эттириши қайд этилган. Брюссел бу орқали Москвани мазмунли тинчлик музокараларига жалб қилишни мақсад қилмоқда.
Айни пайтда Россияга қарши тайёрланаётган 21-пакет санкциялар мазмуни ва қабул қилиниши санаси ҳозирча очиқланмаган. Оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга кўра, янги пакет доирасида Украинадаги урушда иштирок этаётган Россия ҳарбийларининг Европа Иттифоқига кириши тақиқланиши, шунингдек, Рус православ черкови раҳбари Патриарх Кириллга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилиши мумкин.






