Исроилнинг Ғазо секторига берган навбатдаги ҳаво зарбалари оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Al Jazeera телеканали оператори Аҳмад Вишаҳ ҳам бор. Соғлиқни сақлаш расмийлари ва қутқарув хизматлари маълумотларига таяниб, BBC хабар берди.
Телеканал тарқатган баёнотда журналистнинг ўлими қатъий қораланиб, бу ҳолат журналистларни нишонга олиш ва ҳақиқат овозини ўчиришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланган.
Исроил мудофаа кучлари (IDF) эса Аҳмад Вишаҳни ҲАМАСнинг ҳарбий қанотида снайпер бўлганликда айблади. Бироқ Исроил томони мазкур даъвони тасдиқловчи далилларни очиқламаган.
Маҳаллий тиббиёт муассасалари ва қутқарув хизматлари маълумотига кўра, Ғазо марказидаги Бурейж қочқинлар лагерида жойлашган уйга берилган зарба оқибатида Вишаҳ билан бирга яна икки киши ҳалок бўлган.
Шу билан бирга, Ғазо шаҳрининг Сабра маҳалласидаги турар жойга қилинган ҳужум натижасида бир оиланинг тўрт аъзоси, жумладан болалар ҳам қурбон бўлган. Қариндошларининг таъкидлашича, ҳалок бўлганлар ҳар қандай қуролли гуруҳлар билан алоқадор бўлмаган тинч аҳоли вакиллари бўлган.
Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув кучга кирганидан буён Исроил ҳарбий амалиётлари оқибатида 1000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Айни вақтда Исроил ва ҲАМАС бир-бирини тинчлик келишуви шартларини бузишда айблашда давом этмоқда. Вазият кескинлигича қолмоқда.






