Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Бўзсув” каналига тушиб кетган икки боладан бирининг жасади топилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 июнь куни Бўстонлиқ туманидаги “Обод” маҳалласида яшовчи 2016 йилда туғилган К.Й. ва 2018 йилда туғилган К.Б. исмли икки нафар вояга етмаган бола яшаш уйи яқинидан оқиб ўтувчи “Бўзсув” каналига эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган.
Ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушгач, қидирув-қутқарув ишлари бошланган.
Қайд этилишича, ғаввос-қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув ишлари давомида 21 июнь куни болалардан бирининг жасади сувдан олиб чиқилган.
Айни вақтда иккинчи болани қидириш ишлари давом эттирилмоқда. Қутқарувчилар томонидан қидирув-қутқарув тадбирлари узлуксиз равишда олиб борилмоқда.






