Бельгия ҳукумати “Толибон” ҳаракатининг беш нафар вакилига бир кунлик муддатга амал қилувчи виза берди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Одри Жаке маълум қилди.
Унинг айтишича, делегация Европа Иттифоқида миграция сиёсати ва Афғонистонга депортация масалалари муҳокама қилинадиган йиғилишда иштирок этади. Берилган визалар фақат Бельгия ҳудудида амал қилади ва географик жиҳатдан чекланган.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан “Толибон” вакилларининг Брюсселга қачон келиши ошкор қилинмаган. Бироқ европалик расмийларга кўра, виза фақат 23 июнь куни учун расмийлаштирилган.
Аввалроқ Европа Иттифоқи “Толибон” вакилларини афғон фуқароларини ватанларига қайтариш масаласини техник даражада муҳокама қилиш учун Брюсселга таклиф қилгани хабар қилинган эди. Европа давлатлари ҳудудида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган ва хавфсизликка таҳдид деб баҳоланаётган Афғонистон фуқароларини депортация қилиш режалаштирилмоқда.
Eurostat маълумотларига кўра, 2013–2024 йиллар оралиғида Афғонистон фуқаролари Европа Иттифоқи мамлакатларида қочқин мақомини олиш учун 1 миллиондан ортиқ ариза топширган. Уларнинг қарийб ярми қаноатлантирилган. 2025 йилда ҳам афғонлар бошпана сўраб энг кўп мурожаат қилган миллатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган эди. Шунга қарамай, Европа Иттифоқининг қарийб 20 давлати афғон фуқароларини ватанларига қайтариш амалиётини давом эттирмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса бу амалиётни кескин танқид қилиб, депортация қилинган шахслар, айниқса аёллар, журналистлар, собиқ давлат хизматчилари ва фаоллар таъқиб ҳамда қийноқларга дуч келиши мумкинлигини таъкидлаб келмоқда.
Маълумот учун, Европа парламенти 17 июнь куни Европа Иттифоқида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган мигрантлар учун учинчи давлатларда махсус миграция марказларини ташкил этишга рухсат берувчи қонунни маъқуллаган. Аввалроқ Politico нашри Қозоғистон ва Ўзбекистонни бундай марказлар учун эҳтимолий ҳудудлар сифатида тилга олган, аммо ҳар икки давлатнинг Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этган.






