Давлат раҳбари мақом санъатини халқларни бирлаштирувчи, эзгулик ва маънавиятни тарғиб қилувчи бебаҳо мерос деб атади. Қайд этилишича, бугунги анжуман мақом санъатининг халқаро нуфузини ошираётган йирик маданий майдонга айланмоқда.
Тадбирда 80 дан ортиқ мамлакатдан 250 га яқин маданият ва санъат вакиллари, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Президент мақом санъатини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Янги Тошкентда барпо этилаётган Мақом марказига Дунё мақом маркази мақомини бериш, унинг қошида Халқаро мақом академияси, рақамли кутубхона ва лаборатория ташкил этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Жаҳон мақом антологиясини яратиш, мақом илмини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро жамғарма таъсис этиш ва Халқаро мақом мукофотини жорий қилиш режалари маълум қилинди.
Тадбирда Президент миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини ҳам алоҳида эътироф этиб, футболчилар халқимизнинг 34 йиллик орзусини рўёбга чиқарганини таъкидлади ва уларга омад тилади.
Маросим концерт дастури билан давом этди. Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи якунланди.






