Фарғона вилоятида 18 ёшли қизни алдаш йўли билан Туркияга олиб чиқиб кетишга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят Ички ишлар бошқармасининг Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда Одам савдосига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, муқаддам Қува туманида яшаган, ҳозирда Туркиянинг Денизли шаҳрида истиқомат қилаётган аёл ва унинг Фарғона шаҳрида яшовчи шериги олдиндан тил бириктирган ҳолда қизларни хорижга жўнатиш билан шуғулланиб келган.
Аниқланишича, улар Фарғона шаҳрида яшовчи 2008 йилда туғилган қизни Туркияда юқори маошли иш таклиф қилиш баҳонасида хорижга олиб чиқиб кетишга уринган. Қиз таклифга розилик билдирган, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида мазкур ҳаракатнинг олди олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






