АсосийСПОРТ

Англия ғалаба қозона олмади, Панама жаҳон чемпионати билан хайрлашди

К гуруҳида Португалия Ўзбекистон терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди.

'Англия ғалаба қозона олмади, Панама жаҳон чемпионати билан хайрлашди'ning rasmi

Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида навбатдаги учрашувлар якунига етди. Куннинг марказий баҳсларидан бирида Англия терма жамоаси Гана тўсиғидан ўта олмади.

L гуруҳидан ўрин олган баҳсда инглизлар Гана дарвозасига йўл топа олмай, 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса Хорватия Панамани 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ягона голни учрашувнинг 54-дақиқасида Анте Будимир киритди. Мазкур натижадан сўнг Панама терма жамоасининг плей-офф босқичига чиқиш имконияти қолмади.

К гуруҳида Португалия Ўзбекистон терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди. Учрашув 5:0 ҳисобида якунланди.

Португалия сафида Криштиану Роналду 6 ва 39-дақиқаларда дубль қайд этган бўлса, Нуно Мендеш 17-дақиқада ҳисобни йириклаштирди. Шунингдек, 60-дақиқада Ўзбекистон дарвозабони Ўткир Юсупов ўрнига майдонга тушган Неъматовнинг автоголи қайд этилди. Учрашувга нуқтани Рафаэл Леау 87-дақиқада қўйди.

Гуруҳнинг иккинчи баҳсида эса Колумбия Конго Демократик Республикаси устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голга 76-дақиқада Даниэль Мунос муаллифлик қилди.

Бугун, 24 июнь куни В гуруҳида Швейцария – Канада ҳамда Босния ва Герцеговина – Қатар учрашувлари бўлиб ўтади.

Шунингдек, С гуруҳида Марокаш Ҳаити билан баҳс олиб борса, Бразилия Шотландияга қарши майдонга тушади.

А гуруҳида эса Жанубий Африка Республикаси Жанубий Корея билан, Чехия эса Мексика билан куч синашади.

    Бошқа янгиликлар