Солиқ қўмитаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган банклар томонидан солиқ органларига ахборот тақдим этиш тартибига оид қарор лойиҳаси юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қўмита маълум қилишича, айрим оммавий ахборот воситаларида ҳужжат мазмуни нотўғри талқин қилиниб, ташаббус жисмоний шахсларнинг омонатлари устидан қўшимча назорат ўрнатиш сифатида кўрсатилмоқда. Аслида эса лойиҳа банклар ва солиқ органлари ўртасидаги ахборот алмашинувининг ягона тартибини белгилашга қаратилган.
Лойиҳага кўра, “Банк-солиқ” ахборот алмашинуви махсус модули ишлаб чиқилади. Шунингдек, агар жисмоний шахснинг битта банк картасига бир ой давомида бошқа жисмоний шахслар карталари ёки электрон ҳамёнларидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ортиқ маблағ келиб тушса, банк бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилиши назарда тутилган. Ҳозирги кунда ушбу сумма 206 миллион сўмни ташкил этади.
Солиқ қўмитаси таъкидлашича, мазкур ҳужжат солиқ органларига янги ваколатлар бермайди, банк сирини бекор қилмайди ва фуқароларнинг ҳисобварақларига эркин кириш имконини яратмайди. Банклар маълумотларни фақат қонунчиликда белгиланган ҳолатларда ва тартибда тақдим этади.
Қайд этилишича, бундай ваколатлар амалдаги қонунчиликда аллақачон мавжуд. Хусусан, Солиқ кодексининг 134-моддасига мувофиқ, банклар ҳисобварақ ёки омонат очилгани, ёпилгани ёки реквизитлари ўзгаргани ҳақидаги маълумотларни уч кун ичида солиқ органларига электрон шаклда юбориши шарт.
Шунингдек, “Банк сири тўғрисида”ги Қонунга кўра, солиқ солиш масалалари бўйича банк сирини ташкил этувчи маълумотлар белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилиши мумкин. Бунда олинган маълумотлар солиқ сири ҳисобланади ва уларни ошкор этиш ёки учинчи шахсларга бериш тақиқланади.
Солиқ қўмитаси халқаро амалиётда ҳам шундай механизмлар қўлланилишини таъкидлаб, Ўзбекистон Солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинуви бўйича глобал форум аъзоси сифатида мазкур соҳада аниқ ва шаффоф қоидаларни жорий этиши лозимлигини қайд этди.






