АсосийДУНË

БМТ: Дунёда 258 миллион бола можаролар сабаб таълимдан маҳрум

Ҳужжатга кўра, ушбу болаларнинг 93 миллион нафари умуман мактабга бормайди.

'БМТ: Дунёда 258 миллион бола можаролар сабаб таълимдан маҳрум'ning rasmi

Дунё бўйлаб мактаб ёшидаги 258 миллион нафар бола ва ўсмир қуролли можаролар ҳамда гуманитар инқирозлар туфайли тўлиқ таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда. Бу ҳақда БМТнинг инқироз шароитида таълимни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган "Education Cannot Wait" жамғармасининг янги ҳисоботида қайд этилди.

Ҳужжатга кўра, ушбу болаларнинг 93 миллион нафари умуман мактабга бормайди. Энг оғир вазият эса атиги 20 та давлат ҳиссасига тўғри келади. Мактабдан четда қолган болаларнинг қарийб 80 фоизи айнан шу мамлакатларда яшайди.

Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, муаммо фақат таълим муассасасига бормаслик билан чекланмайди. Инқироз ҳукм сураётган ҳудудларда кўплаб болалар ўқиш, ёзиш ва ҳисоблаш каби энг асосий кўникмаларни ҳам ўзлаштира олмаяпти. Бу эса бошланғич синфларданоқ билимдаги бўшлиқларни кучайтириб, кейинчалик ўқишни бутунлай тарк этиш хавфини оширмоқда.

Энг катта таълим йўқотишлари қуролли можаролар давом этаётган давлатларда кузатилмоқда. Бундай мамлакатларда олтинчи синфга келиб ўқувчиларнинг атиги 30 фоизи ёшига мос ўқиш саводхонлиги даражасига эриша олади. Ижтимоий-иқтисодий инқироз кузатилаётган давлатларда бу кўрсаткич 47 фоизни, табиий офатлардан жабрланган мамлакатларда эса 63 фоизни ташкил этади.

Мутахассислар фикрича, таълим инқирози йил сайин чуқурлашиб бормоқда. Унинг оқибатлари эса барча учун бир хил эмас. Боланинг қаерда яшаши, мажбурий кўчирилган шахс экани, ногиронлиги мавжудлиги ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублиги унинг таълим олиш имкониятига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Экспертлар таъкидлашича, муаммони ҳал қилиш учун болаларни фақат мактабга қайтаришнинг ўзи кифоя қилмайди. Улар сифатли таълим олиши, билимни ўзлаштириши ва кейинги босқичларга муваффақиятли ўта олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

    Бошқа янгиликлар