АсосийЖАМИЯТ

“Ғурурингизга ўт тушди”. Алишер Қодиров терма жамоа футболчиларини танқид қилди

У бу ҳақда Португалияга қарши ўйиндаги 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ўзининг Telegram-каналида ёзди.

'“Ғурурингизга ўт тушди”. Алишер Қодиров терма жамоа футболчиларини танқид қилди'ning rasmi

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокини танқид қилиб, таркибни янгилаш вақти келганини билдирди.

У бу ҳақда Португалияга қарши ўйиндаги 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ўзининг Telegram-каналида ёзди.

Қодировнинг фикрича, терма жамоада айрим тажрибали футболчилар билан хайрлашиб, кейинги саралаш босқичларида жамоага фойда келтирадиган ёш футболчиларга имконият бериш зарур.

“Фикрим ўзгарди. Осиё кубогини олиш деган хомхаёл билан бирга таркибдаги ‘хизмат кўрсатган’лардан кечиб, шу мусобақадаёқ кейинги саралаш даврида ишлайдиган таркибни ўйнатиш керак”, деб ёзди у.

Шунингдек, Қодиров бош мураббий Фабио Каннаваро жамоани Беҳруз Каримов, Аббос Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов каби футболчилар атрофида шакллантириши ҳамда келгуси икки Жаҳон чемпионати саралаш босқичида рақобатлаша оладиган таркибни аниқлаб олиши лозимлигини таъкидлади.

Депутат футболчиларга мурожаат қилиб, Конго терма жамоасига қарши баҳсни мухлислар учун эмас, аввало ўз ғурури учун ўйнаш кераклигини айтди.

“Футболчи нонини еяпсиз, ғурурингизга ўт тушди, адашмасам. Конго билан ўйинни биз учун эмас, ўзингиз учун ўйнанг”, деди Қодиров.

Шу билан бирга, у ҳозирча Ўзбекистон миллий терма жамоасини Осиёнинг энг кучли жамоалари қаторига киритишга эрталигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги дастлабки икки учрашувда Колумбияга 1:3 ва Португалияга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди.

    Бошқа янгиликлар