Бугун, 26 июнь куни 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг "D" гуруҳида сўнгги тур учрашувлари бўлиб ўтди. Туркия миллий терма жамоаси АҚШни 3:2 ҳисобида мағлуб этганига қарамай, мусобақанинг плей-офф босқичига йўлланма ололмади.
Беллашув АҚШнинг Калифорния штатидаги Инглвуд шаҳрида жойлашган "СоФай" стадионида бўлиб ўтди.
Туркия терма жамоаси таркибида Арда Гюлер 10-дақиқада, Бариш Алпер Йилмаз 31-дақиқада ва Каан Айҳан учрашувга қўшиб берилган вақтнинг саккизинчи дақиқасида гол урди. АҚШ сафида эса Остон Трасти 3-дақиқада, Себастьян Берхалтер эса 49-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Ушбу ғалабага қарамай, турклар 3 очко билан гуруҳда тўртинчи, яъни сўнгги ўринни эгаллаб, мундиални тарк этди.
"D" гуруҳида АҚШ 6 очко билан биринчи ўринни сақлаб қолди ва плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Австралия 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Худди шунча очко тўплаган Парагвай эса қўшимча кўрсаткичлар бўйича учинчи поғонадан жой олди. Унинг кейинги босқичга чиқиш тақдири бошқа гуруҳлардаги натижаларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Энди АҚШ терма жамоаси 2 июль куни 1/16 финал босқичида Калифорния штатининг Санта-Клара шаҳрида Босния ва Герцеговина терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Австралия эса плей-оффда "G" гуруҳида иккинчи ўринни эгаллайдиган жамоага қарши баҳс олиб боради. Мазкур гуруҳда Миср, Эрон, Бельгия ва Янги Зеландия терма жамоалари кейинги босқич йўлланмаси учун курашмоқда.
Маълумот учун, Австралия миллий терма жамоаси ўз тарихида учинчи марта Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқди. Жамоа бундан аввал 2006 ва 2022 йилги мундиалларда ҳам мазкур босқичда иштирок этган эди.






