Венесуэлада юз берган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 235 нафарга етди. Камида 4 минг 300 киши турли даражада жароҳат олган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.
Венесуэла Соғлиқни сақлаш вазири Карлос Алварадо давлат телевидениесига берган баёнотида, шифохоналарда ҳозирга қадар 235 нафар ҳалок бўлган фуқаро қайд этилганини маълум қилди.
Расмийлар қурбонлар ва жабрланганлар сони янада ортиши мумкинлигини билдирмоқда. Чунки минглаб одамлар ҳали ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Маълум қилинишича, зилзила силкинишлари ҳатто Бразилиянинг Амазонка ҳудудигача сезилган. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШ Молия вазирлиги 25 июнь куни Венесуэлага нисбатан амал қилаётган айрим санкциялар 23 октябрга қадар вақтинча юмшатилишини эълон қилди.
Энг катта талафот Венесуэланинг шимолидаги Ла-Гуайра соҳил ҳудудига тўғри келган. Бу ерда мамлакатнинг асосий халқаро ҳаво дарвозаси — Симон Боливар номидаги Майкетия халқаро аэропорти жойлашган бўлиб, терминал томининг бир қисми қулаб тушгани сабабли барча авиақатновлар тўхтатилган.
Пойтахт Каракасда яшовчи Даяна Делгадо маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида: "Мен фақат фарзандим қаердалигини билмоқчиман. У вайроналар остидами ёки бошпанадами?" дея ўз изтиробини билдирган.
Венесуэла вице-президенти Делси Родригеснинг маълум қилишича, пойтахтнинг айрим ҳудудларида электр энергияси ва мобил алоқа узилган, метро ҳаракати тўхтатилган, табиий газ таъминоти вақтинча ўчирилган. Шунингдек, мактабларда дарслар бир неча кунга бекор қилинган. Айрим таълим муассасалари вақтинчалик бошпана ва гуманитар ёрдам тарқатиш марказларига айлантирилмоқда.
Родригес вайрон бўлган шифохоналар ва турар жойларни қайта тиклаш учун 200 миллион долларлик махсус жамғарма ташкил этилганини ҳам маълум қилди.
Мексика, Қатар, Бразилия, Испания, Португалия ва Канада Венесуэлага қутқарувчилар, тиббий воситалар, сув тозалаш ускуналари, кинологлар, дронлар ва бошқа гуманитар ёрдам юборишини эълон қилди. Айрим ёрдам юклари аллақачон мамлакатга йўлга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни кечқурун Венесуэлада ораси 39 сония бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали икки кучли зилзила содир бўлган эди. Табиий офатдан сўнг мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилган.






