АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев: “Журналистларни ўзим учун доимий маслакдош, жонкуяр дўст деб биламан”

Шавкат Мирзиёев 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига байрам табригини йўллади.

'Мирзиёев: “Журналистларни ўзим учун доимий маслакдош, жонкуяр дўст деб биламан”'ning rasmi

Давлат раҳбари табригида мамлакатнинг босма ва интернет нашрлари, телерадиоканаллар, ахборот ва медиа хизматлари, нашриёт ва матбаа корхоналарида меҳнат қилаётган ижодий ва техник ходимлар, журналистлар ҳамда соҳа фахрийларини самимий қутлади.

Президент барча журналистларни юксак билим ва салоҳиятга эга, ватанпарвар инсонлар сифатида эътироф этиб, уларни ўзининг доимий маслакдоши ва жонкуяр дўсти деб билишини таъкидлади.

Мирзиёевнинг қайд этишича, бу йилги касб байрами миллий матбуот тарихидаги икки муҳим сана – жадидлар томонидан "Тараққий" газетасига асос солинганининг 120 йиллиги ва Ўзбекистонда радиоэшиттиришлар илк бор тажриба тариқасида йўлга қўйилганининг 100 йиллиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Табрикда кейинги ўн йил давомида Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолияти очиқлигини кенгайтириш, ахборот соҳасини рақамлаштириш ва замонавий медиамаконни шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Президент келтирган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда қарийб 2 минг 700 та оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 67 фоизи, ноширлик субъектларининг 90 фоиздан ортиғи ва матбаа корхоналарининг 83 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, жорий йилда нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати ўтган йилга нисбатан икки баробар ошган.

Давлат раҳбари ахборот маконида дипфейк технологиялари кенг тарқалаётган ҳозирги шароитда манбаларнинг ишончлилигини таъминлаш муҳим вазифага айланганини таъкидлади. Шу муносабат билан турли медиа лойиҳалар орқали 10 минг нафар ёшни қамраб олган замонавий таълим тизими шакллантирилгани билдирилди.

Шавкат Мирзиёев эркин ва масъулиятли журналистикани жамият ҳамда давлат тараққиётининг муҳим шарти сифатида баҳолаб, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий маҳоратини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган янги чора-тадбирлар амалга оширилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Президент Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, унинг нуфузини ошириш ва ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳуқуқий ҳамда ахборот технологиялари соҳасида қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Табрик сўнгида давлат раҳбари юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа вакилларини муборакбод этиб, барча журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимларига мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

"Қаламингиз ҳамиша ўткир, сўзингиз ҳаққоний ва таъсирчан, ижодингиз баракали бўлсин", дейилади Президент табригида.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев: “Журналистларни ўзим учун доимий маслакдош, жонкуяр дўст деб биламан” - Darakchi.uz