АсосийСПОРТ

Каннаваро ва Шомуродов: Конгога қарши ўйинда мухлислар ишончини оқлашга интиламиз

Конгога қарши учрашув олдидан Каннаваро ва Шомуродов матбуот анжуманида иштирок этди

'Каннаваро ва Шомуродов: Конгога қарши ўйинда мухлислар ишончини оқлашга интиламиз'ning rasmi

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ва жамоа сардори Элдор Шомуродов Конго терма жамоасига қарши бўлиб ўтадиган учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди. Бу ҳақда Championat.asia хабар берди.

Фабио Каннаваро рақибнинг имкониятларига юқори баҳо берган ҳолда, жамоа асосий эътиборни ғалаба учун курашишга қаратаётганини таъкидлади.

"Конго тажрибали ва жисмоний жиҳатдан яхши тайёрланган жамоа. Бироқ биз майдонга ғалаба учун чиқамиз. Эртанги баҳс аввалги ўйинлардан фарқ қилади, чунки биз турнирдаги энг кучли рақибларга қарши баҳс олиб бордик", — деди бош мураббий.

Каннаваро дарвозабонлар танловига ҳам тўхталиб, илк учрашувда Ўткир Юсупов муносиб ўйин кўрсатганини, шу билан бирга, бошқа дарвозабонларга ҳам имконият беришни режалаштирганини айтди.

Бош мураббийнинг сўзларига кўра, ушбу турнирдаги иштирок жамоанинг халқаро тажрибасини бойитиш ва юқори савиядаги рақибларга қарши ўйин орқали янада ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

"Мен футболчиларга илк кунлардanoq босимсиз ҳаракат қилишлари кераклигини айтганман. Бу мусобақа жамоа сифатида ўсишимиз учун яхши имкониятдир", — деди у.

Шунингдек, Каннаваро Ўзбекистонда болалар футболи, академиялар ва ёшлар тайёргарлигига қаратилаётган эътибор натижасида мамлакат илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганини алоҳида таъкидлади.

Матбуот анжуманида сўз олган миллий терма жамоа сардори Элдор Шомуродов эса жамоанинг асосий мақсади мухлисларни хурсанд қилиш эканини билдирди.

"Биринчи голимизни урдик. Энди асосий вазифамиз — биринчи ғалабамизни қўлга киритиш. Биз доимо мухлисларимизни қувонтириш учун ҳаракат қиламиз", — деди у.

Элдор Шомуродов ҳужумда фаол ўйнаш билан бир қаторда, ҳимояда ҳам интизомни сақлаш муҳимлигини қайд этиб, жамоа учун энг асосий мезон натижа эканини таъкидлади.

"Гол уришга интилиш билан бирга, ҳимоя ҳақида ҳам унутмаслигимиз лозим. Асосий мақсад — тартибли ўйин намойиш этиб, ғалаба қозониш", — деди жамоа сардори.

Шомуродов, шунингдек, мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши футболчилар учун катта руҳий куч бағишлаётганини таъкидлаб, кейинги учрашувларда ҳам уларни хурсанд қилиш учун бор имкониятни ишга солишларини билдирди.

    Бошқа янгиликлар

    Каннаваро ва Шомуродов: Конгога қарши ўйинда мухлислар ишончини оқлашга интиламиз - Darakchi.uz