Бугун, 27 июнь куни АҚШда давом этаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 3-тур учрашувлари якунланди. Унда Франция йирик ғалаба билан плей-офф йўлланмасини мустаҳкамлаган бўлса, мундиалда илк бор иштирок этаётган Кабо-Верде тарихий натижага эришди.
“И” гуруҳи доирасида Массачусетс штати Фоксборо шаҳрида бўлиб ўтган баҳсда Франция Норвегияни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув қаҳрамони Усмон Дембеле бўлиб, у 7-, 20- ва 32-дақиқаларда хет-трик қайд этди. Французларнинг тўртинчи голига 90+4-дақиқада Дезире Дуэ муаллифлик қилди. Норвегиянинг ягона голини эса 21-дақиқада Тело Осгорд урди.
Баҳснинг 50-дақиқасида Франция дарвозабони Майк Меньян Йорген Ларсен томонидан тепилган пеналтни қайтариб, жамоасини голдан асраб қолди.
Франция бош мураббийи Дидье Дешам шахсий сабабларга кўра учрашувда иштирок этмади. Аввалроқ унинг онаси вафот этгани муносабати билан Францияга қайтгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унинг ўрнида бу учрашувда ёрдамчи мураббий Ги Стефан жамоани бошқарди.
Ушбу ғалабадан сўнг Франция 9 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, 1/16 финалга йўл олди. Норвегия эса 6 очко билан иккинчи ўринни сақлаб қолди ва 30 июнь куни бўлиб ўтадиган плей-оффнинг биринчи босқичида Кот-д’Ивуарга қарши майдонга тушади.
“H” гуруҳида эса Кабо-Верде Саудия Арабистони билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига йўл олди.
Мундиалда дебют қилаётган Кабо-Верде гуруҳ босқичини 3 очко билан якунлади. Эътиборлиси, жамоа учала учрашувни ҳам дуранг билан тугатиб, бирорта ҳам ғалаба қозонмаган ҳолда кейинги босқичга чиқди. Аввалги турларда улар Испания билан 0:0, Уругвай билан эса 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган эди.
Гуруҳнинг яна бир учрашувида Испания Уругвайни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, 7 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Уругвай ва Саудия Арабистони 2 очкодан тўплаган бўлса-да, тўплар нисбатига кўра Уругвай учинчи, Саудия Арабистони эса тўртинчи ўринда қолди. Уругвай энг яхши учинчи ўрин эгаллари қаторига кира олмагани сабабли мусобақани тарк этди.
Энди Кабо-Верде плей-оффнинг биринчи босқичида амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинага қарши майдонга тушади. Учрашув 4 июль куни АҚШнинг Флорида штати, Майами шаҳрида бўлиб ўтади.
Испания эса 2 июль куни Калифорния штати Инглвуд шаҳрида “Ж” гуруҳи иккинчи ўрни соҳибига — Австрия ёки Жазоир терма жамоаларидан бирига қарши 1/16 финал баҳсида майдонга тушади.






