АсосийДУНË

Аномал иссиқ Францияда ўлимлар сонини кескин оширди

Парижда аномал иссиқ фонида бир суткада 109 киши вафот этди.

'Аномал иссиқ Францияда ўлимлар сонини кескин оширди'ning rasmi

Франция пойтахти Парижда аномал иссиқ туфайли бир сутка ичида 109 та ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда Franceinfo тез тиббий ёрдам хизмати маълумотларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 июнь куни пойтахтда ҳаво ҳарорати қарийб +39 даражага етган. Шу куни қайд этилган ўлимлар сони йилнинг шу даври учун одатий кунлик кўрсаткич — 7 нафардан бир неча баробар юқори бўлган.

Статистикага фақат тез ёрдам ходимлари томонидан уйлар ва жамоат жойларида қайд этилган ўлим ҳолатлари киритилган. Шифохоналарда содир бўлган ўлимлар ушбу ҳисоботга қўшилмаган. Шунингдек, мазкур даврда тез ёрдам хизматига 3,4 мингга яқин чақирув келиб тушган.

"Family Obsèques" дафн маросимлари бюроси директори Фабьен Юге сўзларига кўра, аномал иссиқ оқибатида Париждаги морглар тўлиб кетган.

Қайд этилишича, 23 ва 24 июнь кунлари Франция метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ кунлар сифатида қайд этилди. Сўнгги бир ҳафта ичида мамлакат бўйлаб 40 дан ортиқ киши чўкиб кетган, шунингдек, иссиқ тўлқини фонида қарийб 1000 та ортиқча ўлим ҳолати рўйхатга олинган. Вафот этганларнинг асосий қисми 65 ёшдан ошганлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Расмийлар қариялар уйлари ва шифохоналардан қўшимча маълумотлар келиши билан ушбу рақам янада ошиши мумкинлигини билдирмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Аномал иссиқ Францияда ўлимлар сонини кескин оширди - Darakchi.uz