АсосийЖАМИЯТ

Навоийда инспекторга пора таклиф қилган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган.

'Навоийда инспекторга пора таклиф қилган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Навоий вилоятида Транспорт назорати инспекцияси ходимига пора таклиф қилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Транспорт назорати инспекцияси маълум қилди.

Маълум қилинишича, инспекциянинг Автомобиль транспортида назорат қилиш Навоий вилояти ҳудудий бўлими инспекторлари хизмат вазифасини бажараётган вақтда Кармана туманидаги “Самарқанд” ЙПХ масканида “FAW” русумли юк автомобилини текшириш учун тўхтатган.

Транспорт воситаси ҳужжатлари кўздан кечирилганда, унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125¹-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган.

Ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилаётган вақтда ҳайдовчи Ж.Б. баённома тузилмаслиги эвазига инспекторга 1 миллион сўм миқдорида пора таклиф қилган.

Қайд этилишича, инспектор ҳайдовчини мазкур ҳаракат жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Шунга қарамай, ҳайдовчи ноқонуний ҳаракатларини давом эттириб, инспекторнинг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилган.

Шундан сўнг инспектор ҳолат юзасидан Транспорт назорати инспекцияси раҳбарияти, коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходим, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Транспорт прокуратурасига зудлик билан хабар берган.

Тезкор тадбир давомида ҳайдовчи таклиф қилинган пулнинг 700 минг сўмини инспекторга пора сифатида бераётган вақтда прокуратура ва ички ишлар органлари тезкор ходимлари томонидан, холислар иштирокида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар