Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри буюк немис бастакори Георг Фридрих Гендельнинг "Тамерлано" операсини Франция пойтахти Париждаги Версал саройининг Қироллик операси саҳнасида ижро этди.
Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
"Ушбу асар Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри томонидан Европанинг энг нуфузли саҳналаридан бири — Версал саройининг Қироллик операсида ижро этилди", деб ёзди у.
Саида Мирзиёева мазкур концертда иштирок этар экан, иқтидорли мусиқачиларнинг жонли ижросидан юксак таассурот олганини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, маданий дипломатия турли халқлар ва маданиятларни бирлаштиришга қодир бўлган энг таъсирчан воситалардан бири ҳисобланади.









