Хитой ҳукумати мамлакат меҳнат бозорида пайдо бўлган янги йўналишларни инобатга олган ҳолда 12 та янги касбни расман тан олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Синьхуа» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, янги касблар рўйхати иқтисодиётнинг жадал рақамлашуви, сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши ва янги саноат тармоқларининг шаклланиши натижасида юзага келган эҳтиёжлар асосида шакллантирилган.
Жумладан, рўйхатдан рақамли эгизаклар (Digital Twin) бўйича муҳандис-техниклар, мужассамлашган сунъий интеллектга эга роботлар билан ишлаш бўйича техник мутахассислар ҳамда спорт маълумотлари таҳлилчилари ўрин олган.
Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси Инсон ресурслари ва ижтимоий таъминот вазирлиги амалдаги касблар таркибига бир қатор янги ихтисосликларни ҳам қўшишни таклиф қилган.
Улар орасида паст баландлик иқтисодиёти соҳаси логистлари, сунъий интеллект агентларини ишлаб чиқувчилар, электр ва гибрид транспорт воситалари инспекторлари, шунингдек, кексалар учун яшаш муҳитини мослаштириш бўйича дизайнерлар бор.
Нашрнинг қайд этишича, мазкур ташаббус Хитой иқтисодиётида юз бераётган таркибий ўзгаришлар, рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши ва хизмат кўрсатиш соҳасининг ўсиши шароитида меҳнат бозорини замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган.
Қайд этилишича, 2019 йилдан буён Хитойда янги касбларнинг еттита рўйхати тасдиқланган бўлиб, расман тан олинган замонавий касблар сони 110 тага етган.
Янги касблар учун миллий стандартлар ишлаб чиқилади. Улар касб-ҳунар таълими, мутахассислар малакасини ошириш ва баҳолаш тизимида асосий меъёрий ҳужжат сифатида хизмат қилади.






