Президент Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Ўзгариш” маҳалласида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳамда ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида давлат раҳбарига маҳаллада аҳоли учун барпо этилган замонавий инфратузилма, 45 та кўп қаватли уй, 1 620 та хонадон ҳамда 6 700 дан ортиқ аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Бу ерда 10 та болалар майдончаси, мини-футбол майдони ва соғломлаштириш ҳудудлари ташкил этилган.
.jpg)
Шунингдек, Президент замонавий когенерация маркази фаолияти билан танишди. Ушбу объект қиш мавсумида электр ва иссиқлик таъминоти барқарорлигини таъминлаб, йилига 18,4 млн кВт·соат электр ва 80 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконига эга. Лойиҳа доирасида инфратузилма янгиланиб, янги иш ўринлари яратилган.
Мирзиёев шунингдек, ер усти метро йўналиши остида қайта ташкил этилган 5,7 гектар ҳудуддаги савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари билан ҳам танишди. Бу ерда 137 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда, 250 та иш ўрни яратилган, 4 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари, болалар майдончалари ҳамда дам олиш зоналари барпо этилган.

Президент таъкидлаганидек, ушбу ўзгаришлар аҳоли учун қулай муҳит яратиш ва маҳаллани замонавий, обод масканга айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотларнинг натижасидир.






