Бугун, 7 июль куни Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида кучли шамол эсиши ва айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев маълум қилди.
Унинг қайд этишича, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида кундузи шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиши, айрим жойларда эса чанг-тўзонлар юзага келиши эҳтимоли бор.
Тошкент шаҳрида ҳам шамол тезлиги секундига 10–12 метргача кучайиши кутилмоқда. Шунингдек, пойтахтнинг айрим ҳудудларида чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Шу муносабат билан аҳолига эҳтиёткорлик чораларини кўриш, айниқса, нафас йўллари касалликларидан азият чекувчиларга заруратсиз ҳолларда очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик тавсия этилмоқда.






