Бухоро давлат тиббиёт университетида таҳсил олган Ҳиндистон фуқароси вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ўлимига курсдоши билан юз берган жанжал сабаб бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Darakchi.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, 22 ёшли Ҳиндистон фуқароси Савария курсдоши билан чиққан жанжал вақтида бош қисмига ноутбук билан берилган зарбадан оғир тан жароҳати олган. У кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.
Ҳодисада гумонланаётган 23 ёшли Ҳиндистон фуқароси Садарул Анам воқеа содир бўлган куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати котиби Ҳаёт Шамсиддиновнинг маълум қилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, марҳуманинг оиласига фожиа ҳақида тўрт кун аввал хабар берилган. Қизнинг жасади Деҳли аэропортига олиб келинган бўлиб, унинг туғилиб ўсган Ҳарипад шаҳрига етказилиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, Қувайтда меҳнат қилаётган марҳуманинг отаси виза билан боғлиқ муаммолар туфайли Ўзбекистонга етиб кела олмаган. Кейинчалик жасадни Ҳиндистонга марҳуманинг амакиси олиб кетган.






