АсосийСИËСАТ

Мирзиёев ва Лукашенко нималарни муҳокама қилади?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8–9 июль кунлари Беларусь Президенти Александр Лукашенко таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

'Мирзиёев ва Лукашенко нималарни муҳокама қилади?'ning rasmi

Ташриф дастурига мувофиқ, Минск шаҳрида икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги музокаралари ўтказилиши режалаштирилган. Унда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида кооперацияни кенгайтириш юзасидан фикр алмашади. Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Саммит якунлари бўйича устувор йўналишларни қамраб олган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Шунингдек, ташриф арафасида Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари делегациялари ҳамда ишбилармон доиралари иштирокида учинчи Ҳудудлараро форум ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар