АҚШнинг Огайо штатида ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги юк автомобили иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 21 ёшли йигит ҳалок бўлди. Ҳозирда ўзбекистонлик ҳайдовчига ашёвий далилларни яширишга уриниш бўйича айблов қўйилган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 5 июль куни Огайо штатининг Медисон округидаги I-71 автомагистралида содир бўлган. 42 ёшли Ўзбекистон фуқароси Беҳзод Асраров бошқарувидаги Freightliner русумли юк автомобили Honda Accord енгил автомобили билан тўқнашган. Оқибатда енгил автомобил ҳайдовчиси, 21 ёшли Тобиас Форсайт воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, Асраров 2024 йилда диверсификация визаси (Green Card) дастури орқали АҚШга кўчиб келган. У юк автомобилини бошқариш учун талаб этиладиган ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган, бироқ инглиз тилини билмагани сабабли полиция ходимлари у билан Google Translate орқали мулоқот қилган.
Тергов материалларига кўра, ҳодиса жойига етиб келган патрул ходимлари юк автомобили кабинасида видеорегистратор мосламаси ўрнатилганини, аммо унинг камераси жойида йўқлигини аниқлаган. Кейинчалик Асраров камерани чўнтагига солиб қўйганини кўрсатган.
Шундан сўнг унга ашёвий далилларни яшириш ёки йўқ қилишга уриниш моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Шунингдек, унинг ёнидан учта мобил телефон ва электрон юк ташиш планшети ҳам топилган.
Ҳозирча Асраровга йигитнинг ўлими юзасидан расман айблов қўйилмаган. Тергов давом этмоқда ва иш юзасидан қўшимча айбловлар ҳам эълон қилиниши мумкин.
Маълум бўлишича, ҳалок бўлган Тобиас Форсайт Массачусетс университети футбол жамоасида дарвозабон сифатида фаолият юритган.
Ҳодисага АҚШ Транспорт вазири Шон Даффи ҳам муносабат билдирган. У инглиз тилини билмайдиган ҳайдовчиларга мамлакатда оғир юк автомобилларини бошқаришга рухсат берилмаслиги кераклигини таъкидлаган.
"Биз йўл белгилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан мулоқот қила олмайдиган ҳайдовчиларга Америка автомагистралларида 80 минг фунтлик юк машиналарини бошқаришга рухсат бера олмаймиз", деган Даффи.
Унинг айтишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хавфли ҳайдовчиларни йўл ҳаракатидан четлаштириш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Аризона штатида ҳам Ўзбекистон фуқароси иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси ортидан унинг бир нечта ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдалангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.






