Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Қайд этилишича, расмий ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий марказлар учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда қатор бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилган.
Музокараларда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръатлари алоҳида қайд этилди. Сўнгги беш йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч бараварга ошиб, ўтган йил якунларига кўра қарийб 1 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса мазкур кўрсаткич яна 30 фоизга ўсган. Бугунги кунда икки мамлакат иштирокида 360 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилганини мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилингани таъкидланди.
Ўзбекистоннинг тинч атом энергетикасидан фойдаланиш ва мазкур соҳада инфратузилмани ривожлантириш бўйича Беларусь тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани билдирилди.
Учрашувда Минск шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро форуми якунлари ҳам юқори баҳоланди. Форум доирасида қатор савдо шартномалари ва инвестиция битимлари имзолангани қайд этилди.
Президентлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Қўшилмаслик ҳаракати каби халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Президент Шавкат Мирзиёев Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди.
Томонлар жорий йил охирига қадар қўшма туризм, тиббиёт ва таълим форумларини ўтказишга ҳам келишиб олди.
Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь Президенти Александр Лукашенкони расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.






