АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев ва Лукашенко стратегик шерикликка асос солган тарихий қарорларни эълон қилди

Музокараларда маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурларни кенгайтириш, жорий йилда тиббиёт, таълим ва туризм форумларини ўтказиш юзасидан ҳам келишувларга эришилди.

'Мирзиёев ва Лукашенко стратегик шерикликка асос солган тарихий қарорларни эълон қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари учун қўшма баёнот берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев музокаралар якунини икки давлат муносабатларидаги тарихий босқич сифатида баҳолаб, ташрифнинг асосий натижаси Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзолангани бўлганини таъкидлади.

Давлат раҳбарига кўра, мазкур ҳужжат икки мамлакат ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ҳамда узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.

Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни келишиб олди. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, микроэлектроника, тўқимачилик, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва унга хизмат қилувчи инфратузилмани барпо этишда Беларусь тажрибасидан фойдаланиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Давлат раҳбарлари парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳимлигини қайд этди.

Музокараларда маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурларни кенгайтириш, жорий йилда тиббиёт, таълим ва туризм форумларини ўтказиш юзасидан ҳам келишувларга эришилди.

Баёнот якунида Шавкат Мирзиёев Минск шаҳрида Ўзбекистон–Беларусь дўстлиги хиёбонини ташкил этиш ташаббусини юксак баҳолаб, бугунги ташриф икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев ва Лукашенко стратегик шерикликка асос солган тарихий қарорларни эълон қилди - Darakchi.uz