Уганданинг Карможа минтақасида узоқ давом этган қурғоқчилик оқибатида камида 16 нафар маҳаллий аҳоли очликдан вафот этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, апрель ойидан буён деярли ёғингарчилик кузатилмагани сабабли ҳосил тўлиқ нобуд бўлган. Қурғоқчилик маккажўхори, жўхори ва соя экинларига жиддий зарар етказиб, минглаб оилаларни тирикчилик манбаидан маҳрум қилган.
Уганда бош вазири Робина Наббанжа ҳукумат жабрланган ҳудудларга қўшимча озиқ-овқат етказиб бериш чораларини кўраётганини, дастлабки гуманитар ёрдам аллақачон тарқатила бошланганини билдирди.
Мутахассислар минтақада такрорланаётган гуманитар инқирозларни иқлим ўзгариши, ўрмонларнинг кесилиши ва чорва молларининг меъёрдан ортиқ боқилиши билан изоҳламоқда.






