АсосийДУНË

NASA Марсда яшашни синаб кўриш учун кўнгиллилар қидирмоқда

АҚШ космик агентлиги Ой ва Марсни тадқиқ қилиш дастури доирасида 4 нафар иштирокчини қидиряпти.

'NASA Марсда яшашни синаб кўриш учун кўнгиллилар қидирмоқда'ning rasmi

Бошқа сайёрада ҳаёт кечиришга инсон қанчалик тайёр эканини аниқлаш учун NASA янги тажриба ўтказмоқда. АҚШ космик агентлиги Ой ва Марсни тадқиқ қилиш дастури доирасида 4 нафар иштирокчини қидиряпти.

Бир йил давом этадиган ушбу лойиҳа ҳақиқий космик парвоз эмас, аммо унда иштирокчилар астронавтлар ҳаётига яқин шароитда яшайди. Улар ёпиқ муҳитда бўлиб, экин етиштириш, соғлиқ ҳолатини кузатиш, шунингдек, очиқ космосга чиқиш машқларига ўхшаш вазифаларни бажаради.

Тажриба 2027 йил августидан бошланиши режалаштирилган. Лойиҳа АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги Lyndon B. Johnson Space Center базасида ўтказилади.

NASA маълум қилишича, тадқиқот келажакдаги узоқ муддатли космик миссияларда, жумладан Марсга парвоз жараёнида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни ўрганиш ва камайтиришга ёрдам беради.

Иштирокчилар Марс вақтига мослашиш жараёнини ҳам синовдан ўтказади. Марсдаги бир сутка Ердагидан тахминан 40 дақиқа узоқроқ бўлиб, бу инсон уйқуси ва саломатлигига таъсир қилиши мумкин.

Дастурда қатнашиш учун номзодлар АҚШ фуқароси ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиши, 30–55 ёш оралиғида бўлиши, инглиз тилини яхши билиши ва маълум бир соҳа бўйича олий маълумотга эга бўлиши керак. Муҳандислик, биология, физика ва математика йўналишидаги мутахассисларга устуворлик берилади.

Иштирокчилар 14 ойлик тайёргарлик ва тажриба жараёнидан ўтади. Шундан 12 ойи ёпиқ муҳитда ўтади, қолган икки ой эса миссияга тайёргарлик ва якунлаш ишларига ажратилади.

Тажриба давомида кўнгиллилар икки хил муҳитда яшайди. Аввал улар космик кемани эслатувчи 60 квадрат метрлик маконда “парвоз” шароитини бошдан кечиради. Кейин эса 84 квадрат метрлик махсус иншоотда “сайёра юзаси”даги ҳаётни синайди — экин етиштиради ва қумли майдонда космик юриш машқларини бажаради.

NASA бу тажриба орқали инсоннинг узоқ давом этадиган космик саёҳатларга тайёргарлигини баҳоламоқчи.

    Бошқа янгиликлар

    NASA Марсда яшашни синаб кўриш учун кўнгиллилар қидирмоқда - Darakchi.uz