Икки вазн тоифасида UFC’нинг собиқ чемпиони, ирландиялик Конор Макгрегор UFC 329 турнири доирасида америкалик Макс Холлоуэйга қарши ўтказган жанги учун 30 миллион доллар миқдорида гонорар олди. Бу ҳақда Fight Basic хабар берди.
Манбага кўра, Макгрегор атиги 69 сония давом этган жанг орқали 30 миллион доллар ишлаган. Бу ҳар бир сония учун тахминан 435 минг долларга тенг.
Жанг ғолиби Макс Холлоуэй эса мазкур баҳс учун 3 миллион доллар миқдорида мукофот пулига эга бўлган.
Лас-Вегасда ўтказилган асосий жанг бошланганидан 69 сония ўтиб техник нокаут билан якунланган. Макгрегор баҳсни рақибининг бош қисмига тепки бериш билан бошлаган. Бироқ кўп ўтмай ўнг оёғига ноқулай таянгани оқибатида мувозанатини йўқотиб, октагонга йиқилган. Оёғидан олган жароҳати сабаб у жангни давом эттира олмаган.
Кейинроқ ирландиялик жангчи сон суяги соҳасидан жароҳат олганини маълум қилди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда айрим мухлислар ва таҳлилчилар унинг жанг олдидан жисмоний ҳолати юзасидан шубҳа билдирган. Макгрегор эса октагонга чиқишидан аввал ҳеч қандай жароҳати бўлмаганини таъкидлаб, яна жангларга қайтиш нияти борлигини айтган.
UFC 329 турнирида гонорар миқдори бўйича кейинги ўринни британиялик Пэдди Пимблетт эгаллади. У асосий кардда франциялик Бенуа Сен-Дени устидан бўғиш усули билан ғалаба қозонди. Бир дақиқадан сал кўпроқ давом этган ушбу жанг учун Пимблетт 850 минг доллар, Сен-Дени эса 500 минг доллар ишлаб олган.
Маълумот учун, Конор Макгрегор 2021 йил июль ойида америкалик Дастин Порьега қарши жангда оёғини синдириб олганидан бери аралаш яккакураш бўйича расмий баҳсларда иштирок этмаган эди. Унинг профессионал фаолияти давомида 22 та ғалаба ва 7 та мағлубият қайд этилган.






