Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Фарғона вилоятининг Бувайда туманида давлат хизматчиларининг пора талаб қилгани билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида халқ орасида “Чинни бозор” номи билан танилган “Хўжалик моллари ва ҳунармандлар савдо комплекси”да фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор фаолияти юзасидан солиқ текшируви ўтказилган.
Текширув давомида тадбиркор савдо тушумларини мобил иловалар орқали шахсий банк пластик картасига қабул қилиб, уларни якка тартибдаги тадбиркор ҳисоб рақамига кирим қилмагани аниқланган.
Шундан сўнг Зангиота тумани Солиқ инспекциясининг бош инспектори тадбиркорга 160 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилишини билдириб, ушбу масалани ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош инспекторнинг топшириғи билан тадбиркордан пулни қабул қилиб олган воситачи ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунга ўхшаш ҳолат Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ҳам қайд этилган.
Маълум бўлишича, Бувайда тумани Электр таъминоти корхонаси муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи тадбиркорга ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектларни мижоз сифатида йўналтириш, панелларни ўрнатиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда техник шарт олиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда муҳандис тадбиркордан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






