АсосийДУНË

Хитойга қарамликни камайтириш Ғарбга 23,6 триллион долларга тушиши мумкин

Таъкидланишича, Европа Иттифоқи учун бундай харажатлар амалда йиллик бюджет ҳажмини қарийб икки баравар оширишга тенг.

'Хитойга қарамликни камайтириш Ғарбга 23,6 триллион долларга тушиши мумкин'ning rasmi

АҚШ ва Европа мамлакатларининг муҳим технологик ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларида Хитойга қарамликни камайтириш келгуси 25 йил давомида 23,6 триллион доллар миқдорида қўшимча инвестицияларни талаб қилиши мумкин. Бу ҳақда Zamon.uz нашри хабар берди.

Нашр келтирган ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга қадар АҚШга 13,7 триллион доллар, евро ҳудуди мамлакатларига 9,1 триллион доллар, Буюк Британияга эса 800 миллиард долларлик инвестиция зарур бўлади.

Таъкидланишича, Европа Иттифоқи учун бундай харажатлар амалда йиллик бюджет ҳажмини қарийб икки баравар оширишга тенг.

Ҳисобот муаллифлари Хитой маҳсулотларидан тўлиқ воз кечиш амалда деярли имконсизлигини қайд этган. Бунинг асосий сабаби Хитойнинг литий ва кобальтнинг 60 фоиздан ортиқ қисми, шунингдек, графит ва нодир ер металларининг қарийб 80 фоизи таъминотини назорат қилиши билан изоҳланган.

Шу билан бирга, Хитойда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар кўплаб маҳаллий муқобилларига нисбатан арзонлиги қайд этилган. Мутахассислар фикрича, уларни бошқа маҳсулотлар билан алмаштириш инфляция суръатларининг ошишига олиб келиши мумкин. Хусусан, Европада айрим стратегик тармоқларда нархлар 1–2,5 фоизга қимматлаши эҳтимоли мавжуд.

Экспертлар энг мақбул ечим сифатида "қисман ажралиш" стратегиясини таклиф этмоқда. Унга кўра, энг заиф таъминот занжирларини мустаҳкамлаш мақсадида аниқ йўналишларга инвестиция киритиш орқали давлат ва хусусий сектор зиммасига тушадиган молиявий юкни сезиларли даражада камайтириш мумкин.

    Бошқа янгиликлар

    Хитойга қарамликни камайтириш Ғарбга 23,6 триллион долларга тушиши мумкин - Darakchi.uz