АсосийЖИНОЯТ

Тошкент ва Қашқадарёда коррупция ҳолатлари фош этилди

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

'Тошкент ва Қашқадарёда коррупция ҳолатлари фош этилди'ning rasmi

Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида мансабдор шахслар иштирокидаги коррупция ҳолатларига чек қўйилди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, Тошкент шаҳрида Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга ер майдонини ижарага расмийлаштириш билан боғлиқ масалани ҳал қилиб беришни ваъда қилган.


У, танишлари орқали "Тошкент шаҳар саноат зоналарини бошқариш дирекцияси" давлат муассасаси балансидаги ер майдонидан жорий йил давомида фойдаланиш учун ижара шартномасини расмийлаштириш, ижара ҳақини камайтириш ҳамда корхонанинг 2025 йилдан қолган қарздорлигини бартараф этиш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.


Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.


Шунга ўхшаш ҳолат Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида ҳам аниқланган.
Маълум қилинишича, туман Электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати бўйича судда кўрилаётган жиноят ишида фуқаровий даъвогар сифатида иштирок этган.

 У корхона манфаатларига етказилган 103 миллион сўм зарарни танишлари орқали 34 миллион сўмга камайтириб берганини айтиб, бунинг эвазига фуқародан 17 миллион сўм талаб қилган.


Тезкор тадбир давомида мансабдор шахс пул маблағини турмуш ўртоғи орқали олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

    Бошқа янгиликлар