Беларусга мавсумий меҳнат фаолияти учун борган андижонликларнинг бир қисми ваъда қилинган иш ҳақи тўланмаётганидан норози экани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат юзасидан Миграция агентлиги изоҳ берди.
Маълум бўлишича, Андижон вилоятидан 250 нафардан ортиқ фуқаро қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида ишлаш учун Беларусга жўнатилган.
Видеомурожаатларда айрим меҳнат мигрантлари иш берувчилар томонидан уларга 500 АҚШ доллари миқдорида ойлик таклиф қилинганини билдирган. Уларнинг айтишича, яшаш ва кундалик харажатлар чиқариб ташланганда, қоладиган маблағ кутилган даромадни таъминламайди. Шу боис айримлари Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган.
Миграция агентлиги матбуот хизмати раҳбари Гулруҳ Тўлаеванинг маълум қилишича, ҳозирда агентликнинг Беларусдаги вакиллари ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги масъуллари иш берувчилар ва меҳнат мигрантлари ўртасидаги вазиятни ўрганмоқда.
Унинг сўзларига кўра, агар иш берувчи меҳнат шартномасида белгиланган мажбуриятларни бажармаса ёки келишилган иш ҳақини тўлашдан бош тортса, фуқаролар бошқа иш жойларига ўтказилади. Қайд этилишича, муаммони қисқа муддатда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Агентлик маълумотига кўра, мазкур лойиҳа Андижон вилояти ҳокимлиги, Миграция агентлиги ҳамда Беларуснинг Витебск вилояти Меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя қўмитаси ўртасидаги келишув асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида меҳнат мигрантларига ўртача 900–1000 АҚШ доллари миқдорида ойлик, энг юқори ҳолатда эса 1200 АҚШ долларигача иш ҳақи тўланиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8–9 июль кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусьга давлат ташрифи давомида икки давлат ўртасида фуқароларни ташкилий асосда вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб этиш тўғрисидаги битим имзоланган эди.






