Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимларни ҳимоя қилиш бўйича иш берувчилар бажариши шарт бўлган талаблар эълон қилинди. Бу ҳақда Меҳнат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, юқори ҳарорат шароитида ходимларда иссиқ уриши, организмнинг сувсизланиши, ҳушдан кетиш ҳамда юрак-қон томир касалликлари хавфи ортади. Шу муносабат билан иш берувчилар меҳнат шароитларини мавсумий иқлим талабларига мослаштириши лозим.
Хусусан, соат 11:00 дан 16:00 гача очиқ ҳаводаги ишларни қисқартириш ёки вақтинча тўхтатиш, оғир жисмоний меҳнатни чеклаш тавсия этилган. Шунингдек, ходимларни доимий равишда тоза ичимлик суви, сояли ёки салқин дам олиш жойлари билан таъминлаш ҳамда уларга ҳаво ўтказувчи, енгил ва иссиқдан ҳимоя қилувчи махсус кийимлар бериш талаб этилади.
Меҳнат инспекцияси маълумотига кўра, иссиқ шароитда ишлашга жалб этиладиган ходимлар олдиндан тиббий кўрикдан ўтган бўлиши шарт. Шунингдек, уларга иссиқ уриши аломатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиши, саломатлиги ёмонлашган ходим эса зудлик билан салқин жойга олиб ўтилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим.
Инспекция ушбу талаблар тавсиявий хусусиятга эга эмаслигини, балки иш берувчиларнинг қонунчиликда белгиланган мажбурияти ҳисобланишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–июнь ойларида иш жойларида 447 та бахтсиз ҳодиса содир бўлгани хабар қилинган эди. Уларнинг 113 таси ўлим билан якунланган бўлиб, оқибатда 137 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган.






