Тошкент шаҳрида амалга оширилган "Келажак учун хорижий тил" лойиҳаси доирасида 10 минг 106 нафар 11-синф ўқувчиси инглиз тили бўйича В1 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатни қўлга киритди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа 2025 йил декабрь ойидан бошлаб пойтахтдаги барча умумтаълим мактабларида йўлга қўйилган. Лойиҳа доирасида 2025–2026 ўқув йилида қарийб 40 минг нафар 11-синф ўқувчисининг хорижий тил бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган машғулотлар ташкил этилган.
Аввалига ўқувчиларнинг тил билиш даражасини аниқлаш мақсадида синов имтиҳонлари ўтказилган. Натижалар таҳлил қилиниб, ўқувчилар тайёргарлик даражасига қараб гуруҳларга ажратилган ҳамда хорижлик мутахассислар иштирокида бепул дарслар ташкил этилган.
Шундан сўнг, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда ўқувчилар миллий сертификат имтиҳонларида иштирок этган. Якунда 10 минг 106 нафар битирувчи инглиз тили бўйича В1 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлган.
Вазирлик маълумотига кўра, 2025 йил декабрь ойида миллий ёки халқаро тил сертификатига эга ўқувчилар сони 2 минг 970 нафарни ташкил этган бўлса, 2026 йил 1 июль ҳолатига келиб бу кўрсаткич 17 минг 515 нафарга етган. Бу қарийб олти баробарлик ўсишни англатади.
Шунингдек, 2025–2026 ўқув йили давомида республика бўйича 1 минг 518 нафар хорижий тил мутахассиси жалб этилган. Янги ўқув йилидан эса уларнинг сонини 2 минг нафардан ошириш режалаштирилган.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, 2026–2027 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар орасида миллий ёки халқаро чет тили сертификатига эга бўлганлар сони 125 минг 354 нафарни ташкил этган.
Шунингдек, барча фанлар бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган қарийб 13 минг нафар абитуриент олий таълим муассасаларига қабул тест синовларидан озод қилинган.






