Самарқанд шаҳрида банклардан бирига бостириб кириб, ходимларга таҳдид қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Қўриқлаш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 13 июль куни Самарқанд шаҳридаги банк филиалларидан бирида содир бўлган. Қишки кийимда, юзига ниқоб таққан ва қора сумка кўтарган шахс банкка кириб, ўзида портловчи модда борлигини айтган. Шундан сўнг у ходимларни қўрқитиб, банк ойналарини синдирган ва пул талаб қилган.
Ташвиш хабари келиб тушгач, воқеа жойига Қўриқлаш департаменти ходимлари етиб борган. Улар хавфсиз масофани сақлаган ҳолда гумондор билан музокара олиб борган. Суҳбатлардан сўнг шахс ихтиёрий равишда таслим бўлган ва қўлга олинган.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида фуқаролар жабрланмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси тўртинчи қисми (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






