АсосийЖАМИЯТ

Мустақил изланувчиликка ҳужжатлар қабули бошланди

PhD ва DSc учун қандай талаблар қўйилади?

'Мустақил изланувчиликка ҳужжатлар қабули бошланди'ning rasmi

15 июлдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълимнинг мустақил изланувчилик шаклига ҳужжатлар қабули бошланди. Инновацион ривожланиш агентлиги Ахборот хизматига кўра, талабгорлар PhD ва DSc илмий даражаларини олиш учун белгиланган мезонлар асосида ҳужжат топширишлари мумкин.

Мустақил изланувчилик – ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда илмий фаолият билан шуғулланиш ҳамда фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш имконини берувчи олий таълимдан кейинги таълим шакли ҳисобланади.

PhD илмий даражасига даъвогарлар магистр дипломига эга бўлиши, камида битта илмий мақола ва тегишли йўналиш бўйича камида иккита илмий тезис эълон қилган бўлиши ҳамда суҳбатдан муваффақиятли ўтиши лозим.

DSc илмий даражасига ҳужжат топширувчилар эса PhD ёки унга тенглаштирилган илмий даражага эга бўлиши, илмий даражани олганидан сўнг камида учта илмий мақола ва тегишли йўналиш бўйича камида иккита илмий тезис чоп эттирган бўлиши, суҳбатдан ўтиши ҳамда докторлик диссертацияси режасининг муфассал лойиҳасини тақдим этиши талаб этилади.

Қабул жараёни рақамли платформалар орқали амалга оширилади. Талабгорларнинг айрим ҳужжатлари my.gov.uz тизими орқали автоматик шакллантирилади. Қолган зарур ҳужжатлар эса daraja.ilmiy.uz платформасига электрон шаклда юкланади.

Мутахассислар илмий фаолиятни давом эттиришни режалаштираётган изланувчиларга ҳужжатларни белгиланган муддатларда топшириш ва қабул талаблари билан олдиндан батафсил танишиб чиқишни тавсия этмоқда.

    Бошқа янгиликлар