Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ва телекоммуникация соҳасида тадбиркорлик муҳитини яхшилашга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда қайд этилишича, сўнгги йилларда рақамли давлат хизматлари сезиларли даражада кенгайган. Бунинг натижасида Ўзбекистон БМТнинг "Электрон ҳукумат" рейтингида 24 поғона юқорилаган. Энди 2030 йилга қадар мамлакатни мазкур рейтингда дунёнинг кучли 30 давлати қаторига киритиш мақсад қилинган.
Маълум қилинишича, жорий йил якунига қадар рақамли давлат хизматлари сони 880 тага, улардан фойдаланувчилар сони эса 15,5 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Солиштириш учун, 2024 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 525 та хизмат ва 4 миллион фойдаланувчини ташкил этган.
Шу муносабат билан давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинди. Унда ҳудудлар иқтисодиёти, инвестициялар, экология, хавфсизлик, маҳаллалардаги ижтимоий аҳвол, фазовий маълумотлар ва бошқа ахборотлар бирлаштирилади. Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини назорат қилиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Президент ушбу тизимни жорий йилда Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга тушириш, келаси йилдан эса уни мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Тақдимотда товар ва хизматларнинг ягона миллий таснифлаш тизимини яратиш, миллий навигация платформасини ишга тушириш, ахборот технологиялари экспортини 2030 йилга қадар 5 миллиард долларга етказиш, 5 мингта стартап ташкил этиш ва 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, "Talent Hub" дастурини ишга тушириш, IT Park резидентлари учун солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш, "IT visa" ва "Zero Risk" дастурларини кенгайтириш ҳамда IT компанияларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш таклиф этилди.
Йиғилишда телекоммуникация соҳасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш, кўп қаватли уйларни юқори тезликдаги интернет инфратузилмаси билан жиҳозлаш, соҳада фаолият бошлаётган тадбиркорларни имтиёзли кредитлар билан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, давлат идоралари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш, рақамли хизматлар сифатини ошириш, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотлар муҳофазасини кучайтириш ҳамда хусусий сектор учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.






