Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қарийб 3,2 килограмм гиёҳвандлик воситаси ноқонуний муомаладан олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, "Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан бир нечта тезкор тадбир ўтказилган.
Дастлабки ҳолатда Бектемир тумани ҳудудида ҳаракатланаётган "Gentra" русумли автомашина тўхтатилиб текширилган. Унда Яшнобод туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган икки нафар фуқаро бўлган. Автомашина кўздан кечирилганда бир нечта зип-пакетларга қадоқланган оч сариқ рангли кукунсимон моддалар аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, гумондорлар аввалдан яшириб қўйган махфий жой ҳамда ижарага олган хонадонда ҳам кукунсимон моддалар, электрон тарози ва гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш учун ишлатиладиган анжомлар топилган.
Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган моддалар 1,2 килограмм "героин" ва 100 грамм "мефедрон" экани аниқланган.
Қайд этилишича, ушбу икки шахс ҳам муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун судланган.
Яна бир тезкор тадбирда эса Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаронинг хонадонидан 47 грамм "гашиш" ва 34 грамм "опий" мусодара қилинган.
Тергов давомида уни гиёҳвандлик воситалари билан таъминлаб келгани гумон қилинаётган Олмазор туманида яшовчи 1980 ва 1985 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ҳам ушланган. Уларнинг автомашиналари ва яшаш манзилларини кўздан кечириш чоғида жами 1,8 килограмм "гашиш" ва 12 грамм "опий" аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






