АсосийЖАМИЯТ

Жасурбек Жалолиддинов расман "Навбаҳор" футболчисига айланди

Клуб матбуот хизматига берган илк интервьюсида Жалолиддинов "Навбаҳор" таклифини иккиланмасдан қабул қилганини айтди.

'Жасурбек Жалолиддинов расман "Навбаҳор" футболчисига айланди'ning rasmi

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Жасурбек Жалолиддинов фаолиятини Наманганнинг "Навбаҳор" клубида давом эттиради. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 24 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи билан шартнома имзоланган. Бироқ келишувнинг молиявий шартлари ва муддати очиқланмаган.

Жасурбек Жалолиддинов фаолияти давомида "Бунёдкор", Москванинг "Локомотив", "Тамбов", Тошкентнинг "Локомотив", Қозоғистоннинг "Қайрат", "Олимпик", "Нефтчи", Озарбайжоннинг "Сумғайит" ҳамда "Сўғдиёна" клублари шарафини ҳимоя қилган.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг U-17, U-20 ва U-23 терма жамоаларида тўп сурган. Айни пайтда эса мамлакат миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

Клуб матбуот хизматига берган илк интервьюсида Жалолиддинов "Навбаҳор" таклифини иккиланмасдан қабул қилганини айтди.

"Навбаҳор"дан таклиф бўлганида, буни иккиланмасдан қабул қилдим. Жамоа ҳар доим энг юқори мақсадларни кўзлайди. Бу ерда кўплаб дўстларим тўп тепади, менга яхши таниш бўлган мураббий билан ишлаш имконияти ҳам бор. Энг муҳими, "Навбаҳор" мухлислари юртимиздаги энг фаол ва садоқатли мухлислардан. Ишқибозлар тўла стадионда ўйнаш ҳар бир футболчига алоҳида руҳ бағишлайди. Наманганга шунчаки футбол ўйнаш учун келмадим. "Навбаҳор" билан кўплаб совринларни қўлга киритиб, мухлислар қалбидан жой олишни истайман", деди футболчи.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев ҳам "Навбаҳор" сафига қўшилган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Жасурбек Жалолиддинов расман "Навбаҳор" футболчисига айланди - Darakchi.uz