АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев Беларусь билан ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги топшириқлар берди

Президент ушбу келишувларни қисқа муддатларда амалий натижага айлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринларини яратиш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган.

'Мирзиёев Беларусь билан ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги топшириқлар берди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикасига амалга оширган расмий ташрифи давомида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувларнинг ижросига бағишланган тақдимот билан танишди.


Қайд этилишича, давлат раҳбарининг 8–9 июль кунлари Беларусьга амалга оширган ташрифи якунида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард долларлик 310 та лойиҳа ва чора-тадбирни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.


Президент ушбу келишувларни қисқа муддатларда амалий натижага айлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринларини яратиш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган.


Тақдимотда Беларусь ҳудудларида қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, аграр кооперацияни ривожлантириш ва ўзбекистонлик фуқароларни ташкилий тартибда иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилган. Шу муносабат билан Беларусьда меҳнат қилиш ёки бизнес юритиш истагидаги фуқаролар ва тадбиркорлар рўйхатини олдиндан шакллантириш, уларнинг иш жойи, яшаш шароити ҳамда лойиҳалар учун зарур инфратузилмани келишиб олиш вазифаси белгиланган.


Шунингдек, Андижон вилояти ва Витебск вилояти ўртасидаги ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинган. Маълум қилинишича, икки ҳудуд ўртасида тасдиқланган “йўл харитаси” доирасида 255 нафар андижонлик Витебск вилоятига ташкилий асосда юборилиб, иш билан таъминланган.


Бундан ташқари, 11 та чорвачилик мажмуаси негизида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган. “Андижон инвест” компанияси иштирокида йирик чорвачилик комплекси ва санаторий мажмуаси негизида инвестиция ҳамда ижтимоий лойиҳаларни бошлаш чоралари кўрилмоқда.


Умуман олганда, Витебск ҳамда Беларусьнинг бошқа ҳудудларида чорвачилик, ёғочни қайта ишлаш, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган 30 та янги лойиҳа шакллантирилган.


Президент Андижон–Витебск ҳамкорлиги тажрибасини бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этиш бўйича топшириқ берди. Унга кўра, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари Беларусьнинг Витебск, Могилёв, Гродно, Гомель ва Брест вилоятлари билан ҳамкорлик ўрнатади. Ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, саноат ва аграр соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилади.


Шу билан бирга, ҳар бир ҳудуддан 30 нафар етакчи тадбиркорни Беларусьга олиб бориб, маҳаллий шериклар билан қўшма лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.


Йиғилишда логистика инфратузилмасини ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Йил якунига қадар Витебск вилоятидаги Орша станциясида экспорт-импорт юкларига хизмат кўрсатувчи интермодал логистика марказини ишга тушириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Биринчи босқичда Витебск ва Беларусьнинг бошқа ҳудудларидаги 13 та корхонага 1100 нафар Ўзбекистон фуқаросини ишга жойлаштириш режалаштирилган. Сентябрдан бошлаб эса ҳар ой 500 нафардан, жами 5 минг нафар андижонликни Витебск вилоятида доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу мақсадда Витебск шаҳрида Миграция агентлигининг ваколатхонаси очилади.


Президент ҳар бир эришилган келишув аниқ лойиҳа, янги корхона, қўшимча савдо ҳажми ва янги иш ўринларига айланиши шартлигини таъкидлаб, мутасаддиларга “йўл хариталари” ижросини доимий назорат қилиш ва танқидий таҳлил қилиб бориш бўйича топшириқ берди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев Беларусь билан ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги топшириқлар берди - Darakchi.uz