Аргентина миллий терма жамоаси сардори Лионель Месси Жаҳон чемпионатлари тарихида ярим финал учрашувида майдонга тушган энг кекса майдон ўйинчисига айланди.
39 ёш-у 21 кунлик Месси 2026 йилги Жаҳон чемпионати ярим финали доирасида Англияга қарши кечган баҳсда асосий таркибда майдонга тушиб, мазкур рекордни расман ўз номига ёздирди.
Мазкур натижа бўйича аввалги рекорд 1958 йилги Жаҳон чемпионатига тегишли эди. Ўшанда Ғарбий Германия терма жамоаси вакили Фритс Вальтер ҳамда Швеция футболчиси Гуннар Грен ярим финал баҳсида 37 ёш-у 236 кунлигида майдонга тушган.
Бироқ Жаҳон чемпионати ярим финалларида иштирок этган энг кекса футболчи бўйича мутлақ рекорд собиқ Англия терма жамоаси дарвозабони Питер Шилтонга тегишли. У 1990 йилги мундиал ярим финалида 40 ёшида майдонга тушган эди.
Шунингдек, Месси Англияга қарши учрашувда Аргентина терма жамоасининг ҳар икки голига ҳам голли узатмани амалга оширди ва баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу унинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида бешинчи марта ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилиши бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Аргентина ярим финалда Англияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, мундиал финалига йўлланма олди. 19 июль куни АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Ист-Ратерфорд шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи баҳсда аргентиналиклар Испанияга қарши майдонга тушади. Испания эса ярим финалда Францияни 2:0 ҳисобида мағлуб этган эди.






