АсосийЖАМИЯТ

Обод маҳаллалар танлови ўтказилади, ғолибларга солиқ имтиёзлари берилади

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда "маҳалла еттилиги" фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

'Обод маҳаллалар танлови ўтказилади, ғолибларга солиқ имтиёзлари берилади'ning rasmi

Давлат раҳбари меҳнат муносиб рағбат билан баҳоланиши кераклигини таъкидлаб, йил якунлари бўйича "Энг ораста хонадон", "Энг файзли ҳовли", "Энг обод кўча" ва "Энг намунали маҳалла" номинациялари бўйича танловлар ўтказилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, танлов ғолиби бўлган кўп қаватли уйлардаги квартира эгаларига мол-мулк солиғи бўйича, ҳовли-жой соҳибларига эса ер солиғи бўйича имтиёзлар берилади.

Шунингдек, маҳаллада самарали фаолият юритиб, илғор тажриба яратган «маҳалла еттилиги» аъзолари ҳам муносиб тақдирланади. Уларнинг иш услуби бошқа ҳудудлар учун намуна сифатида оммалаштирилиши, маҳаллалардаги илғор тажрибалар эса оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда ҳудудларни ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мамлакатда темир йўллар атрофини тартибга келтириш ишлари бошлангани маълум қилинди. Таъкидланишича, Тошкент–Хива темир йўл йўналиши бўйида 285 та маҳалла жойлашган бўлиб, мазкур йўналиш 45 та туман ҳудудидан ўтади.

Шу муносабат билан қолган вилоят ҳокимларига ҳам бир ҳафта муддатда ўз ҳудудидан ўтувчи магистрал автомобиль йўллари ва темир йўллар атрофини, шунингдек, улар ёнидаги уй-жойлар ҳамда тижорат объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси юклатилди.

Президент икки ҳафта ичида мазкур ҳудудларни намунавий қиёфага келтириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш ва аниқ амалий натижаларга эришиш юзасидан топшириқ берди.

    Бошқа янгиликлар

    Обод маҳаллалар танлови ўтказилади, ғолибларга солиқ имтиёзлари берилади - Darakchi.uz