Ўзбекистонда маҳаллаларда ижтимоий ёрдам кўламини кенгайтириш масаласи муҳокама қилиниб, эҳтиёжманд аҳолини Ижтимоий реестрга киритишдаги қонунбузилишлар кескин танқид қилинди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Давлат раҳбари жойларда айрим фуқароларни Ижтимоий реестрга киритиш асоссиз равишда рад этилаётгани ёки улар сунъий равишда реестрдан чиқарилаётганини қайд этди.
Бунинг оқибатида эҳтиёжманд оилалар давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлардан, жумладан, ижтимоий нафақалар, болаларни боғча ва тўгаракларга жойлаштириш имкониятларидан фойдалана олмаётгани таъкидланди.
Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, 184 та маҳаллада бир ой давомида келиб тушган 2 мингта аризанинг барчаси асоссиз равишда рад этилган.
Бундай ҳолатлар, айниқса, Андижон вилоятининг Бўстон ва Олтинкўл, Сирдарё вилоятининг Ховос, Фарғона вилоятининг Тошлоқ, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов, Навоий вилоятининг Учқудуқ ҳамда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманларида кўп учраётгани қайд этилди.
Шу сабабли Ижтимоий реестрга киритиш масаласи бўйича Президент номига келиб тушаётган мурожаатлар йил бошидан буён 1,5 бараварга ошиб, 30 мингдан 46 мингтага етган.
Президент Бош прокуратурага Ижтимоий реестрнинг қонуний ва шаффоф юритилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифасини юклатди.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага Ижтимоий реестрнинг ҳаққонийлиги бўйича Президентга мунтазам ахборот бериб бориш топширилди.
Йиғилишда мутасаддилар олдига йил якунига қадар ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни мослаштириш, ижтимоий уйларга жойлаштириш каби 25 турдаги ижтимоий хизматларни маҳалла даражасигача тушириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, уч ой ичида деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизматлари ҳамда 'Мадад' уйлари, 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун "Фаол ҳаёт" дастури йўлга қўйилади. Шунингдек, қаровсиз қолган ва зўравонликдан жабрланган болалар учун «Қўллаб-қувватлаш марказ»лари ташкил этилиши белгиланди.






