Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво туфайли айрим темир йўл йўналишларида поездлар ҳаракати тезлигига вақтинчалик чекловлар жорий этилади. Бу ҳақда "Temiryo‘lekspress" АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур чора йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда юқори ҳарорат шароитида темир йўл инфратузилмасининг барқарор ва ишончли ишлашини сақлаб қолиш мақсадида кўрилмоқда.
Шу муносабат билан айрим поездлар белгиланган манзилларга жадвалда кўрсатилган вақтдан кечроқ етиб келиши мумкин.
Компания йўловчилардан юзага келиши эҳтимол бўлган кечикишларга тушуниш билан муносабатда бўлишни сўраб, мазкур вақтинчалик чекловлар энг аввало ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини таъкидлади.






