Мексиканинг Тинч океани соҳиллари яқинида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Ҳозирча қурбонлар ва жиддий вайронгарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.
АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, ер силкиниши маҳаллий вақт билан соат 08:48 да Чьяпас штатидаги Пуэрто-Мадеро порти яқинида, Гватемала чегарасига яқин ҳудудда қайд этилган. Зилзиланинг эпицентри аҳоли яшаш пунктидан тахминан 10 километр шимолда жойлашган.
Мексика Миллий сейсмология маркази асосий зилзиладан сўнг 5,2 магнитудали такрорий ер силкиниши ҳам кузатилганини маълум қилди.
Зилзиладан кейин АҚШ Миллий океан ва атмосфера маъмурияти эпицентрдан 300 километргача бўлган қирғоқ ҳудудлари учун цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган. Бироқ тахминан бир соат ўтгач, ушбу огоҳлантириш бекор қилинган.
Ҳодисадан сўнг Мексика ҳукумати хавфсизлик кучлари ва фуқаро муҳофазаси ходимларини ҳудудга жалб қилди. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирча ҳалок бўлганлар, жабрланганлар ёки жиддий талофатлар қайд этилмаган.
Мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари вазири Раймундо Педро Моралес Анхелес айрим пляжларда цунами таъсири сабаб денгиз сатҳи ярим метргача кўтарилиши мумкинлигини билдириб, аҳолини вақтинча қирғоқ ҳудудларидан узоқроқ туришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, вазият тўлиқ назорат остида.
Шунингдек, Чьяпас штатининг эпицентрга яқин айрим ҳудудларида эҳтиёт чораси сифатида аҳоли эвакуация қилинган. Мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида эса зилзила жиддий оқибатларга олиб келмагани маълум қилинди.






