АсосийЖАМИЯТ

Мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёздан фойдаланишнинг янги тартиби белгиланди

Фуқаролар солиқ имтиёзларини расмийлаштириш учун Электрон солиқ хизматлари портали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали мурожаат юбориши мумкин.

'Мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёздан фойдаланишнинг янги тартиби белгиланди'ning rasmi

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича имтиёзлардан фойдаланиш жараёни энди электрон шаклда амалга оширилади. Бу борада тегишли маъмурий регламент тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 июлдаги қарорига мувофиқ, фуқаролар солиқ имтиёзларини расмийлаштириш учун Электрон солиқ хизматлари портали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали мурожаат юбориши мумкин.

Янги тартибга кўра, электрон ариза келиб тушганидан сўнг солиқ органларининг масъул ходимлари тақдим этилган маълумотларни мавжуд ахборотлар асосида ўрганиб чиқади.

Мурожаатлар уч иш кунигача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Жумладан, дастлаб икки иш куни давомида маълумотлар текширилади ва натижасига кўра солиқ имтиёзини қўллаш ёки рад этиш бўйича хулоса тайёрланади.

Тайёрланган хулоса фуқаронинг Электрон солиқ хизматлари порталидаги шахсий кабинети ёки my.gov.uz орқали юборилади.

Агар мурожаатни қаноатлантириш рад этилса, фуқаро кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, яна қайтадан ариза топшириши мумкин. Такрорий мурожаат ҳам белгиланган тартиб асосида кўриб чиқилади.

Янги тартиб солиқ имтиёзларини олиш жараёнини енгиллаштириш, фуқаролар учун қулайлик яратиш ва ортиқча қоғозбозликларни камайтиришга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар

    Мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёздан фойдаланишнинг янги тартиби белгиланди - Darakchi.uz