Россиянинг Тамбов шаҳри ва Москва вилоятидаги Электросталь шаҳрида жойлашган Wildberries компаниясига қарашли иккита логистика маркази Украина дронлари ҳужумига учради. Россия расмийлари маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган, яна 62 киши жароҳат олган. Хорижий манбаралга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, Тамбовдаги омборга берилган зарба оқибатида етти киши вафот этган, 25 киши жароҳатланган. Электросталдаги ҳужумда эса бир киши ҳалок бўлиб, 37 киши тан жароҳати олган.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумлар дронлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган санкция остидаги бутловчи қисмлар сақланган йирик логистика объектларига қаратилганини билдирди. Унинг айтишича, Украина Қора денгиз, Азов денгизи ва Қримдаги бир қатор нишонларга ҳам зарба берган.
Wildberries бош директори Татьяна Ким ҳодисани компания учун «даҳшатли тун» деб атади. Тамбов вилояти губернатори Евгений Первишовнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг барчаси тунги сменада ишлаётган ходимлар бўлган. Шунингдек, ҳужум вақтида ҳудудга яқинлашаётган 28 та дрон йўқ қилингани айтилди.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, Электросталда жароҳатланганларнинг саккиз нафари оғир аҳволда. Унинг сўзларига кўра, Москва вилоятида бир кечада 48 та дрон уриб туширилган, улардан бири нефть базасига қулаши оқибатида ёнғин чиққан.
Украина Хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази раҳбари Сергей Кузан BBC'га берган изоҳида Wildberries логистика тармоғи Россия армияси учун муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, платформа орқали ҳарбий эҳтиёжлар учун икки мақсадли маҳсулотлар ва электрон жиҳозлар етказиб берилган.
Зеленский мазкур ҳужумлар Россиянинг Украинадаги фуқаролик объектларига берган зарбаларига жавоб бўлганини айтди. Шу билан бирга, Россиянинг сўнгги ҳужумлари оқибатида Украинада 14 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.






