АсосийСПОРТ

Мбаппе рекорд ўрнатди, Англия бронза медали соҳиби бўлди

Англия Францияни 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, Жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди

'Мбаппе рекорд ўрнатди, Англия бронза медали соҳиби бўлди'ning rasmi

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг учинчи ўрин учун баҳсида Англия ва Франция терма жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Майами шаҳридаги "Hard Rock" стадионида бўлиб ўтган учрашувда англияликлар 6:4 ҳисобида ғалаба қозониб, мундиалнинг бронза медалларига сазовор бўлди.

Англия сафида голларга Деклан Райс (3-дақиқа), Эзри Конса (18), Букайо Сака (37, 45+1, 87) ва Жуд Беллингем (90+8) муаллифлик қилди.

87-дақиқада Букайо Сака пенальтини аниқ амалга ошириб, хет-трик қайд этди ва Англиянинг бешинчи голига муаллифлик қилди. Жуд Беллингем баҳсга нуқта қўйиб, ҳисобни 6:4 кўринишида якунлади.

Франция таркибида эса Килиан Мбаппе (48, 66), Брэдли Баркола (54) ва Усмон Дембеле (90+6) ўз номини таблога ёздирди.

Иккинчи бўлим бошида Килиан Мбаппе (48) Франциянинг илк голини урган бўлса, олти дақиқа ўтиб Брэдли Барколя ҳисобни 2:4 кўринишига келтирди. 66-дақиқада Мбаппе яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, дубль расмийлаштирди.

Бу гол Мбаппенинг жорий турнирдаги 10-голи ва Жаҳон чемпионатлари тарихидаги 22-голи бўлди. Шу тариқа, француз ҳужумчиси мундиаллар тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиб, бу борада Лионель Мессини (21 гол) ортда қолдирди. Шунингдек, у 10 та гол ва 4 та голли узатма билан 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. 

Шу тариқа, Англия терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритди. Франция эса мусобақани тўртинчи ўринда якунлади. Бу Англия тарихидаги мундиаллардаги илк бронза медали бўлди.

Энди Жаҳон чемпионати ғолиблиги учун Аргентина ва Испания терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Финал учрашуви 19 июль куни бўлиб ўтади.

    Бошқа янгиликлар